Пастдарғомда маст ҳайдовчи катта инспектор ва икки фуқарони уриб юборди. Инспектор шифохонада вафот этган

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 1 сентябрь, сешанба куни спиртли ичимлик таъсирида бўлган «Damas» ҳайдовчиси 3 нафар фуқарони уриб юборди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 1 сентябрь куни соат 23:00 атрофида Пастдарғом тумани «Олти қаҳрамон» маҳалласи ҳудудидан ўтган 4Р-46 автомобиль йўлининг 33 километрида Пастдарғом тумани «Қора сув» маҳалласида яшовчи 1990 йилда туғилган ҳайдовчи У.Т. «Самарқанд—Каттақўрғон» йўналишида ўзига тегишли бўлган «Damas» автомашинасини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқариб келаётган бўлган. Шу вақтда автомобиль йўлининг ўнг томон четида ўз хизмат вазифаларини бажараётган  1989 йилда туғилган профилактика катта инспектори, катта лейтенант Р.Боқиев, фуқаролар 2001 ва 1993 йилда туғилган фуқароларни уриб юбориб, йўл транспорт ҳодисаси содир этган.

Оқибатда катта лейтенант ва фуқаролар тан жароҳати олиб туман марказий шифохонасига олиб борилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, профилактика катта инспектори, катта лейтенант Равшан Боқиев шифохонада вафот этган.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркиби Пастдарғом туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика катта инспектори катта лейтенант Боқиев Равшан Орибжоновичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этган.

Аввалроқ  Ғиждувонда «Cobalt» ҳайдовчиси маст ҳолатдаги 63 ёшли эркакни уриб юбориши оқибатида фуқаро ва Бухорода «Matiz» ва «Lacetti» иштирокидаги ЙТҲ оқибатида бир киши вафот этгани, Пунгон—Наманган йўлида эса «Spark» ва юк машинаси иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида йўловчилардан бири ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Янгиликлар