Наманганда ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши ўзи ва яна 3 нафар йўловчининг вафотига сабаб бўлди (фото)
Наманган вилояти Поп туманида 4 сентябрь, жума куни Фарғона ҳалқа йўли автомобиль йўлининг 10-километридаги «Matiz» ва «Nexia» иштирокида ЙТҲ оқибатида 4 киши вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 4 сентябрь куни соат 05:00 атрофида Поп тумани ҳудудидан ўтган 4Р 112 Фарғона ҳалқа йўли автомобиль йўлининг 10-километрида ҳайдовчи 1998 йилда туғилган Ж.М. «Matiz»да ҳаракатланаётиб, бошқарув вақтида ухлаб қолган. Шу вақтда қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи, 1987 йилда туғилган И.О. бошқарувидаги «Nexia» русумли автомобиль билан тўқнашган.
Оқибатда «Matiz» хайдовчиси 22 ёшли Ж.М. ҳамда йўловчиси 23 ёшли С.Х. ва «Nexia» йўловчилари 45 ёшли И.М., 39 ёшли Р.Ғ. оғир тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этган. «Nexia» автомобили хайдовчиси 33 ёшли И.О. ва йўловчилари 23 ёшли Ш.С., 22 ёшли Н.А. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Поп тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, «Matiz» ҳайдовчиси Ж.М. бир йил давомида 9 маротаба, «Nexia» русумли автомобиль ҳайдовчиси И.О. бир маротаба қоидабузарлик содир этган.
Мавзуга доир: Наманганда «BMW» бетон тўсиққа урилиши оқибатида 2 киши вафот этди, 3 нафар йўловчи касалхонага ётқизилган
Аввалроқ Қувасойда «Tico»нинг ағдарилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлгани, Фарғонада 19 ёшли йигит экскаваторда пиёдани уриб юбориши оқибатида 68 ёшли пиёда воқеа жойида вафот этгани ҳамда Бувайдада 2 та «Nexia-2» ва велосипед иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, велосипед ҳайдовчиси касалхонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.