Фарғонада 19 ёшли йигит экскаваторда пиёдани уриб юборди. 68 ёшли пиёда воқеа жойида вафот этди

Фарғона вилояти Қўштепа туманида 3 сентябрь, пайшанба куни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган 19 ёшли йигит экскаваторда 68 ёшдаги пиёдани уриб юборди, деб хабар берди Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати.

Фото: Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 3 сентябрь соат 11:05 атрофида Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳудудидан ўтган 4Р-127 Марғилон—Сойбўйи—Мингбулоқ автомобиль йўлининг 10-километрида 2001 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган А.Ж. «Hyundai» русумли экскаваторни бошқариб кетаётган бўлган. Шу вақтда йўлнинг чап томонидан ўнг томонига кесиб ўтаётган пиёда 1952 йилда туғилган Х.С.ни уриб юборган. Оқибатда пиёда — 68 ёшли Х.С. оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Фото: Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Мазкур ЙТҲ юзасидан Қўштепа тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ғиждувонда «Cobalt» ҳайдовчиси маст ҳолатдаги 63 ёшли эркакни уриб юбориши оқибатида фуқаро касалхонада вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Самарқандда «Зил-1360» юк машинаси маст пиёдани босиб ўлдиргани, Бухорода «Matiz» ва «Lacetti» иштирокидаги ЙТҲ оқибатида бир киши вафот этгани, Пунгон—Наманган йўлида эса «Spark» ва юк машинаси иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида йўловчилардан бири ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Янгиликлар