Бувайдада машинасида ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган 20,2 млн сўмлик телевизорларни олиб кетаётган ҳайдовчи ушланди

Фарғона вилояти Бувайда туманида «Nexia» русумли автомашинасида ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган умумий қиймати 20,2 миллион сўмлик 11 дона телевизорни олиб юрган шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Давлат божхона бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, мазкур ҳолат Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган. Тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган Водил—Бувайда йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро О.Д. бошқарувидаги «Nexia» русумли автомашина Бувайда тумани ҳудудида тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Таъкидланишича, автомашина салонида чет элда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ҳамда махсус маркировка билан маркировкаланмаган умумий қиймати 20,2 миллион сўмлик жами 11 дона телевизор борлиги аниқланди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда 300 миллион сўмлик юк машинасини Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган, Фарғонада эса салкам 38 миллион сўмлик тиббий восита ва техникаларни Ўзбекистонга яширинча олиб кирмоқчи бўлган эркак ушлангани маълум қилинганди. Шунингдек, Олтиариқда 60,5 миллион сўмлик тамакини Ўзбекистонга яширинча олиб кирган эркак аниқлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар