Ўзбекистонда ҳарбий хизматчилар мақомини белгилашга оид қонун лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги «Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Ушбу қонуннинг мақсади ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирлик ва идоралар, бошқа органлар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, жавобгарлиги ва ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ чекловларни, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматдан бўшатилган фуқаролар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун лойиҳаси билан:

  •   ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирлик ва идоралар, бошқа органлар ва ташкилотларнинг оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларини ҳамда уларнинг оила аъзоларини;
  •   олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари (тингловчилари)ни;
  •   муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиларини;
  •   сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиларини;
  •   ҳарбий йиғинни ўтаётган резервдаги ва захирадаги ҳарбий хизматга мажбурларни;
  •   ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш белгиланмоқда ҳамда шу каби бошқа асосий масалаларни тартибга солиш назарда тутилмоқда.

«Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 4 та боб, 38 та моддадан иборат.

Биринчи бобда умумий қоидалар, иккинчи бобда ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари белгиланган. Учинчи бобда ҳарбий хизматчиларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги, тўртинчи бобда якунловчи қоидалар ёритилган.

Янгиликлар