Фарғонада Про-лиганинг ҳал қилувчи ўйинида ҳакамни калтаклаганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Фарғона шаҳрида 1 декабрь куни футбол бўйича Ўзбекистон Про-лигасининг сўнгги тури якунидаги ўйинда бош ҳакам Шавкат Насибуллаев футболчи ва мухлислар томонидан калтаклангани хабар қилинган эди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Фото: ЎзA

Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (Оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговга киришилган.

Маълум қилинишича, мазкур жиноят иши доирасида 6 нафар шахс юқоридаги модда билан иш бўйича гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, улар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Шу билан бирга, оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда иштирок этган 5 нафар шахснинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги боис, улар маъмурий тартибда ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Таъкидланишича, тергов ҳаракатлари якунига кўра, ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Мазкур ҳолат вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинган.

Aввалроқ Сурхондарёда 9 нафар йигит мураббийини урган фуқарони бита билан калтаклагани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар