Ўзбекистонда миллий тест тизими учун онлайн рўйхатга олиш бошланди

Ўзбекистонда 1 декабрдан миллий тест тизими учун она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ҳамда математика фанлари бўйича талабгорларни онлайн рўйхатга олиш бошланди. Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш қуйидаги муддатларда жорий этилади:

  • 2021 йил 1 февралда кимё ва биология фанлари бўйича;
  • 2022/2024 йилларда физика, география ва тарих фанлари бўйича;
  • 2020 йил 1 декабрь куни она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ҳамда математика фанлари бўйича талабгорларни онлайн рўйхатга олиш бошланди.

Қайд этилишича, талабгорларни онлайн рўйхатга олиш my.dtm.uz сайти орқали 20 декабрга қадар давом этади. Шунингдек, тест синовида иштирок этиш учун талабгордан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилиши белгиланган. Сертификат тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга берилади.

Таъкидланишича, 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда ОТМ бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 12 октябрдаги қарорида 1 декабрдан бошлаб босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими жорий этилиши белгиланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда таълимнинг Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар