Ўзбекистонда ОИВга чалинганлар сони маълум қилинди

Ўзбекистонда қанча фуқаро одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ)га чалингани маълум бўлди. Бу ҳақда Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Қаҳрамон Юлдашевга асосланиб, Соғликни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, 2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси билан яшовчилар сони 43581 нафарни ташкил этмоқда. 2019 йили 1 ноябрь ҳолатига кўра ОИВ билан касалланганлар сони 42098 нафар кишини ташкил этган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 78 та ОИВ диагностика лабораториялари фаолият олиб бормоқда. Улардан 15 таси ОИТСга қарши кураш марказларидаги лаборатория комплекслари ва 63 та туманлараро лаобораториялар ҳисобланади.

Лабораторияларни тест-система ва реагентлар билан таъминлаш учун ҳар йили 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади, дейилади хабарда.

Аввалроқ Бухорода аёл билан жинсий алоқа қилиб, унга ОИВ инфекциясини қасддан юқтирган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарёда ОИТСга чалинганини яшириб, турмуш қурган аёлга суд ҳукми ўқилганди.

Янгиликлар