Осиё тараққиёт банки маблағи эвазига Тошкент—Наманган йўлининг 100 километрли участкасида интеллектуал транспорт тизими ўрнатилади
Тошкент—Наманган йўлининг 100 километрли участкасида интеллектуал транспорт тизими ўрнатилади. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Осиё тараққиёт банки 1 сентябрь куни Ўзбекистоннинг ғарбий қисмидаги автомагистрал йўлларнинг 240 километрини реконструкция қилиш учун 274,2 миллион доллар қарз ажратишни маъқуллаган. Ушбу маблағ минтақавий савдо ва транспорт алоқаларини кенгайтириш учун мамлакат миллий автомобиль йўллари тармоғининг муҳим участкаларида хавфсизликни оширишга сарфланиши қайд этилган.
«Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат сифатида минтақавий ўзаро боғланишни ўз транспорт сиёсатининг марказий унсурига айлантирган. Бу лойиҳа мамлакатнинг Европа билан Жанубий-шарқий Осиё ўртасида минтақавий транспорт ва логистик хаб ўлароқ, потенциалини ривожлантиришга ёрдам беради», — дейди ОТБнинг транспорт бўйича катта мутахассиси Паван Каркиг.
Қайд этилишича, лойиҳа доирасида Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнеу магистралининг Қорақалпоғистондаги 240 километрли участкаси икки полосали цемент-бетон йўлга айлантирилади.
Мазкур йўл Ўзбекистондаги машина энг кўп юрадиган йўллардан бири ҳамда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик икки дастури коридорининг бир қисми ҳисобланади. Йўл таъмирлангандан сўнг унда Қорақалпоғистоннинг қуруқ иқлими учун мос бўлган иқлим ўзгаришларига чидамлиликни таъминловчи элементлар ҳам бўлиши режалаштирилган. Бундан ташқари, алоҳида бешта дам олиш бекатлари ва бозор павилонлари қурилиб, уларнинг 50 фоизи тадбиркор аёлларга ажратилади.
Йўл ҳаракати самарадорлиги ва хавфсизлигини ошириш мақсадида Тошкент—Наманган йўлининг 100 километрли участкасида интеллектуал транспорт тизимини ўрнатиш режалаштирилган. Тизим ҳаракат ва йўл шарт-шароитини реал вақт режимида кузатиб, табло ва веб-сайтларга маълумот, огоҳлантирувларни етказиб туради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган—Aндижон—Марғилон—Қўқон электрлаштирилган ҳалқа темир йўли очилгани маълум қилинди. Кейинчалик йўл қурилиши соҳасида Ўзбекистон—Германия қўшма корхонаси ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.