Наманган—Aндижон—Марғилон—Қўқон электрлаштирилган ҳалқа темир йўли очилди (фото)
Наманганда 30 август куни соат 09:00 да Наманган—Aндижон—Марғилон—Қўқон электрлаштирилган ҳалқа темир йўлининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот-таҳлилий медиа маркази хабар берди.
Маълум бўлишича, ушбу тадбирда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раиси вазифасини бажарувчи Х.Хосилов ҳамда тизимдаги қатор корхона-ташкилотлар раҳбарлари, бошқарма бошлиқлари, шунингдек, меҳнат фаҳрийлари, Наманган шаҳар ҳокими ва ОAВ вакиллари иштирок этди.
Хабарда айтилишича, тадбир иштирокчилари электрлаштирилган ҳалқа йўли бўйлаб ҳаракатини бошлаган дастлабки электропоездининг илк йўловчилари бўлди.
Аввалроқ Тошкентда ерусти халқа метросининг биринчи босқичи ишга тушгани, Президент Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида бўлиб, «Бодомзор» бекатидан янги «Туркистон» бекатигача поездда боргани, амалга оширилган ишларни кўздан кечиргани ва Тошкентнинг Aҳмад Дониш ва Фарғона йўли кўчаларида амалга оширилган қурилиш ишлари билан танишгани ҳақида хабар берилганди.