Тошкент ерусти ҳалқа метросининг биринчи босқичи ишга тушди (фото)
Шавкат Мирзиёев 29 август, шанба куни давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишаётганлиги ҳамда янги транспорт объектлари, йўллар, корхоналар ишга туширилиши кутилаётганлиги маълум қилинганди. Президент биринчи босқичи битказилган ерусти ҳалқа метросига ташриф буюрди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, лойиҳа ишлари 2017 йилда бошланган. Қурилишнинг бориши давлат раҳбарининг доимий эътиборида бўлган. «Дўстлик-2» бекатидан «Қўйлиқ» бекатигача бўлган мазкур йўналиш узунлиги 11 километр бўлиб, 7 та бекат барпо этилган. Биринчи бекатдан охиргисигача 19 дақиқада етиб олиш мумкин. Бу масофада ҳар бири 4 та вагондан иборат 4 та поезд қатнайди. Ушбу йўналиш кунига 46 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
«Бекатлар миллий колорит асосида, ўзига хос дизайнда қурилган. Улар йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўл кира ҳақини электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар, эскалатор билан жиҳозланган. 225 та янги иш ўрни яратилган», — дейилади хабарда.
Таъқидланишича, «Қўйлиқ» бекатида кейинги босқичлар қурилиши бўйича тақдимот ўтказилган. Ерусти ҳалқа метроси лойиҳасининг умумий қиймати 422 миллион доллардан зиёд бўлиб, бешта босқичда амалга оширилиши режалаштирилган.
Иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан Тошкент ерости метросининг «Олмазор» бекати боғланади. Учинчи бўлиб «Беруний», ундан кейин «Бодомзор» бекатигача бўлган қисм қурилади. Сўнгги босқичда эса ҳалқа метро линияси яна «Дўстлик» бекатига уланади. Бу йўлларнинг жами узунлиги қарийб 55 километр, бекатлар 35 та бўлади.
Аввалроқ Президент Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналиши бўлиб, «Бодомзор» бекатидан янги «Туркистон» бекатигача поездда боргани, амалга оширилган ишларни кўздан кечиргани ва Тошкентнинг Aҳмад Дониш ва Фарғона йўли кўчаларида амалга оширилган қурилиш ишлари билан танишгани ҳақида хабар берилганди.