«Бу йўл ҳамма нарсани тезлаштиради. Ҳаракатни ҳам, иқтисодиётни ҳам, ҳаётни ҳам». Шавкат Мирзиёев янги қурилган «Туркистон» бекатини бориб кўрди
Шавкат Мирзиёев 29 август, шанба куни давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик билан танишмоқда. Янги транспорт объектлари, йўллар, корхоналар ишга туширилиши кутилмоқда, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Таъкидланишича, биринчи манзил Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналиши бўлган. Давлат раҳбари «Бодомзор» бекатидан янги «Туркистон» бекатигача поездда бориб, амалга оширилган ишларни кўздан кечирган.
«Бу йўл ҳамма нарсани тезлаштиради. Ҳаракатни ҳам, иқтисодиётни ҳам, ҳаётни ҳам», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу метро йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши Президентнинг 2016 йил 7 ноябрдаги қарорига мувофиқ бошланган эди. Шавкат Мирзиёев бу ерга бир неча бор келиб, ишнинг бориши билан танишганди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 103,8 миллион доллар бўлиб, қарийб 3 километр метро йўли ҳамда «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари барпо этилган.
«Бу йўлни қуриш осон бўлгани йўқ. Маблағ топиб, чет элдан мутахассислар олиб келиб, лойиҳани синчиклаб кўриб чиқдик. Икки йил давомида қурилиш бўлди. Энг муҳими, бу транспорт арзон, хавфсиз, қулай», — дейди Президент.
Қайд этилишича, мутахассислар қурилиш жараёни ва сифати ҳақида маълумот берган. Йўлнинг 850 метр қисми ерости сув кўп жойга тўғри келган. Шунинг учун илгари буни амалга ошириш имкони бўлмаган. Янги лойиҳада Германия технологияси қўлланилиб, сувли жойдан темир-бетон тюбинг қўйиш орқали ўтилган.
Метрополитеннинг Юнусобод йўналиши тўлиқ бўлмагани учун рентабеллиги юқори бўлмаган. Ҳозирда Юнусобод туманида 340 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Метро йўли узайтирилиб, янги бекатлар қурилгани одамларга катта қулайлик яратади. Хусусан, мазкур икки бекат орқали кунига 7,5 минг йўловчига хизмат кўрсатилади. Натижада автобуслар йўналиши оптималлашиб, автомобиллар тирбандлиги камаяди. Йилига 5,3 минг тонна зарарли газ атмосферага чиқишининг олди олинади.
Умуман айтганда, Тошкент метрополитенидан кунига 240 минг йўловчи фойдаланади. Жами 21 километрдан иборат учта янги — Юнусобод, Сергели ва Қўйлиқ йўналишлари қурилиши натижасида яна 150 мингдан зиёд киши қамраб олиниши режалаштирилган.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган хорижий автомобиль моделлари билан танишгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Президент Бектемир туманига ташриф буюриб, у ердаги саноат корхоналари фаолияти билан танишган.