Шавкат Мирзиёев Бектемир туманига ташриф буюриб, у ердаги саноат корхоналари фаолияти билан танишди (фото)

Шавкат Мирзиёев 21 август, жума куни Тошкент шаҳрининг Бектемир туманига ташриф буюриб, бу ерда бажарилаётган ишлар, саноат корхоналари фаолияти билан танишмоқда, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент дастлаб «Бектемир металл конструкциялари» масъулияти чекланган жамият заводига борган. Таъкидланишича, ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 48 миллион доллар бўлиб, 2018 йилда ишга туширилган. Корхона йилига 65 минг тонна рухланган металл, 1600 километр йўл тўсиқлари, 130 минг тонна пайвандланган қувур ва 17 минг дона ёритиш устуни ишлаб чиқариш қувватига эга.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

«Металл конструкцияларини иссиқ ҳароратда рухлаш Италиянинг ‘Bisol S.p.A.’ ускунасида, халқаро меъёрлар ва сифат стандартлари даражасида амалга оширилмоқда. Бундай маҳсулотлар чидамлилиги, кўримлилиги ва ўрнатиш жараёнида қулайлиги билан афзал. Шунингдек, бу ерда Хитой, Жанубий Кореядан келтирилган замонавий технологиялар ўрнатилган», — дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, корхонада жами 375 нафар муҳандис ва ишчи меҳнат қилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бу технологиялар ҳам, маҳсулотлар ҳам яхши. Лекин ҳар дам ривожланишни ўйлаш керак. Арзон, хавфсиз ва сифатли конструкциялар ишлаб чиқариб, корхонанинг қурилиш индустриясидаги ўрнини кенгайтириш зарур. Маҳсулот қачон арзон бўлади? Шароит яратсак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечириб, мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берган. Бунга эришиш учун лойиҳалаштирувчи гуруҳ тузиш, Европа мамлакатлари, хусусан, Германия тажрибаси асосида корхонани саноат кластерига айлантириш муҳимлиги таъкидланган. Шунингдек, малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилган.

Давлат раҳбарининг Бектемир туманига сафари давом этмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида 20 август куни янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча захира яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилгани, Президент хорижда ишлаётган фуқароларга патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача кредитлар ажратиш ҳақида кўрсатма бергани ҳамда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграция масалалари бўйича бош вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар