Ўзбекистонда ишсиз ёшлар учун «Ёшлар дафтари» ҳамда ишсиз ва боқувчисиз аёллар учун «Aёллар дафтари» ишлаб чиқилади

Шавкат Мирзиёев раислигида 20 август куни янги тизим, тартиб ва ёндашувлар асосида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча захира яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Бош вазир ўринбосарига уларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Бу ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида, мамлакатда ишлаб чиқилган «темир дафтар»лар сингари, ишсиз ёшлар бўйича алоҳида «Ёшлар дафтари», ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида «Аёллар дафтари» рўйхатлари шакллантириб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлаш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, видеоселектор йиғилишида сўзга чиққан ҳокимлар тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча захираларни шакллантиришга доир режалари юзасидан ахборот берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу селекторда Ўзбекистонда Мустақиллик куни йирик байрам тадбирлари ўтказилмаслиги маълум қилинган эди.

Янгиликлар