Ўзбекистонда Мустақиллик куни йирик байрам тадбирлари ўтказилмаслиги маълум қилинди

Айни пайтда Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, давлат раҳбари пандемияни жиловлаш доирасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб, Мустақиллик байрамини бундай шароитда қандай нишонлаш юзасидан кўрсатмалар берди.

«Ушбу масалада шифокорлар билан маслаҳат қилган ҳолда шундай хулосага келиндики, пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклаш талабини қўймоқда. Шунинг учун ушбу улуғ санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида байрам кунлари қизиқарли, янги форматдаги кўрсатувлар, эшиттириш ва чиқишлар намойиш этиш борасида тавсиялар берилди.

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрда Ўзбекистон мустақилликка эришганига 29 йил тўлади. Ҳар йили ушбу байрам кенг миқёсда нишонланиб келинарди.

Aввалроқ ўзбекистонликлар Мустақиллик байрами муносабати билан неча кун дам олишлари маълум бўлган эди.

Янгиликлар