Пешку туманида пахта ортилган юк машинасининг тиркамаси ёниб кетди
Бухоро вилояти Пешку туманида 2 октябрь куни пахта олиб кетаётган юк машинасининг тиркамаси ёниб кетди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2 октябрь куни соат 17:34 да Газли шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига тушган хабарга кўра, Бухоро вилояти Пешку тумани ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 393-километрида ҳайдовчи А.Т. бошқарувидаги юк автомашинасининг тиркамасида ёнғин юзага келган. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган.
Хабарда ёнғин натижасида тан жароҳати олганлар йўқлиги билдирилган. Аммо фуқаро Ғ.Э.га тегишли бўлган тиркама ва унинг ичида бўлган паст навли той пахта ёниб кетган.
Тахмин қилинишича, ёнғиннинг келиб чиқишига автомобиль тиркамаси пўлат устунларининг бир-бирига тегиб, механик учқун ҳосил қилиши, учқуннинг тез ёнувчи махсулотлар устига тушиши сабаб бўлган. Ҳозирда моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Ҳолат юзасидан Пешку тумани Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда «Spark» билан тўқнашган «Matiz» ёниб кетгани, Наманганда ЙТҲ оқибатида юк машинасининг йўловчиси ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.