Бухорода радарга тушган ИИБ ЙХХБ ходимига солинган 223 минг сўм жарима техник хатолик экани маълум қилинди

Бухоро вилоятида радарга тушган Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимига солинган 223 минг сўм жарима техник хатолик бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси

Маълум қилинишича, Бухоро вилояти ИИБ ЙХХБ ходими Ж.Ш. бошқарувида бўлган «Тracker» Бухоро шаҳар ҳудудидан ўтувчи «М-37» Самарқанд—Бухоро—Туркманбоши автомобиль йўлининг аҳоли пунктида 75 километр соат тезлик чекланган жойда 92 километр соат тезликда ҳаракатланиб келган. Ушбу ҳолат 2020 йилнинг 10 май куни ҳаракат хавфсизлигининг компьютерлаштирилган бошқарув тизими орқали фото ва видео қайд этиш техника воситаси ёрдамида аниқланган. Компьютер базаси орқали маъмурий жиноят тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши) 1-қисми билан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида 223 000 сўм жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган.

Мазкур ҳолат юзасидан масъуллар томонидан текширув ўтказилган. Текширувда техник хатолик туфайли аҳоли пуктида 75 километр соат тезлик чеклангани, 92 километр соат тезликда юрган автомашинага МЖтКнинг 128-3-моддаси 1-қисми бўйича жарима тайинланганлиги борасида хато маълумотлар киритилганлиги аниқланган.

«Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаси ёрдамида аниқланган қоидабузарликлар бўйича жарима қарорларини тузишда инсон омили умуман аралашмайди ва ҳеч қандай ташқи таъсир кўрсатиб бўлмайди, шунингдек, қарорларга ўзгартириш киритишнинг ҳам имкони мавжуд эмас.

Ҳозирги кунда ушбу ҳолат ўрганиб чиқилиб, мазкур жарима солиш тўғрисидаги қарор МЖтКнинг 128-3-моддаси 2-қисми билан қайта малакаланиб, «Тracker» автомашина ҳайдовчисига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, баъзавий ҳисоблаш миқдори, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, 1 115 000 сўм жарима белгиланиб, ундиришга қаратилди», — дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати расмий муносабатида.

Аввалроқ Андижонда «201 км/с тезликда ҳаракатланган» «Matiz» ҳайдовчисига белгиланган 2 миллион сўм жарима бекор қилинган эди. Ҳолатни аниқлашда тезлик ўлчовчи автоматлаштирилган тизим техник хатога йўл қўйгани маълум бўлган.