Фарғонада салкам 902 млн сўмлик товарларни кўмир остига беркитиб, Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлган юк машина ҳайдовчиси ушланди
Фарғона вилоятида 901 миллион 550 минг сўмлик ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган 67 турдаги товарларни кўмир остига беркитиб, Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлган юк машина ҳайдовчиси ушланди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, «Ўзбекистон» чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан кириб келган юк автомобилига ҳужжатларда 25 тонна кўмир ортилгани кўрсатилган. Aммо тезкор кузатувга олинган мазкур юк машинаси ундаги кўмирни божхонада расмийлаштириш учун «Водий» ташқи иқтисодий фаолият божхона постига бориш ўрнига Қува тумани томон ҳаракатланишни бошлаган. Шундан сўнг тезкор тадбир иштирокчилари томонидан кузатувга олинган мазкур автотранспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган.
Натижада, юк машинаси тиркамасидаги кўмир остига ҳужжатларда умуман қайд этилмаган 67 турдаги товарлар яширилгани аниқланган. Мазкур товарлар:
- 1560 дона сифати кафолатланмаган болалар озиқаси;
- 92 дона чангютгич;
- 2518 дона кийим-кечак;
- салкам 12 минг дона ичимлик;
- 990 метр узунликдаги газлама;
- 609 дона авто эҳтиёт қисмлари.
Қайд этилишича, кўмир остига яширинча олиб кириш режалаштирилган мазкур товарларнинг умумий қиймати 901 миллион 550 минг сўмни ташкил қилмоқда. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ Наманганда 300 миллион сўмлик юк машинасини Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган, Фарғонада эса салкам 38 миллион сўмлик тиббий восита ва техникаларни Ўзбекистонга яширинча олиб кирмоқчи бўлган эркак ушланганди. Шунингдек, Олтиариқда 60,5 миллион сўмлик тамакини Ўзбекистонга яширинча олиб кирган эркак аниқланганди.