Ғузорда норозилик намойиши уюштирган «Enter Engineering» компанияси ишчилари 480 млн сўмлик зарар етказгани аниқланди

Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Enter Engineering» компанияси 3 ойдан бери ойлик маоши бермаётгани сабабли ишчилар норозилик намойиши уюштиргани ва компания бу ҳолатга муносабат билдиргани ҳақида хабар берилган эди.  Мазкур заводда норозилик намойиши уюштирган ишчилар жами 480 миллион сўмлик зарар етказгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, ишчилар безорилик йўли билан корхонанинг жуда кўп миқдордаги мулкига шикаст етказиш мақсадида завод қурилишига жалб қилинган ходимларнинг хизмат хоналарига оммавий тартибда, жамиятда ўрнатилган ахлоқ-одоб қоидаларини қасддан менсимасдан, безорилик йўли билан кирган. Шунингдек, компания ходимларининг хизмат хоналари кириш эшиклари ва дераза ромларининг ойналарини тош ва темир жисмлар билан қасддан синдириб, яроқсиз холатга келтирган.

Маълум қилинишича, ишчилар хизмат хоналарида ўрнатилган 19 турдаги 14 миллион 320 минг сўмлик кузатув камералари, 9 дона ҳар хил турдаги жами 4 миллион 365 минг сўмлик ёзув столлари, 33 дона жами 27 миллион 777 минг сўмлик кондиционерларга ҳамда корхоналарнинг жами 480 миллион сўмлик жуда кўп миқдордаги мол-мулкларини яроқсиз ҳолатга келтириб, қасддан шикаст етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳодиса содир бўлган жой вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчилари томонидан кўздан кечирилиб, корхонага етказилган зарар миқдори аниқланган ҳамда 26 октябрь куни ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми ва 277-моддасининг (Безорилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидланишича, корхонанинг видеокузатув камераларидаги видеолар кўздан кечирилиб, ишга алоқадор бўлган ишчилар жиноят иши доирасида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган. Хабарга кўра, 29 октябрь куни жиноят иши бўйича гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш учун чақирилган фуқаролар шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини, «Uzbekistan GTL» заводи ҳудудига кириш учун берилган ҳужжат (рухсатнома)ларини олиб келмагани сабабли дастлаб уларнинг шахсига аниқлик киритилиб, сўнг вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасига киритилган.

Аввалроқ заводда ишчилар намойиши бўлгани ва компания матбуот хизмати ҳолат юзасидан «Tez News»га маълумот бергани хабар қилинганди. Таъкидланишича, ҳодиса 21 октябрь куни эрталаб ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимидаги (электрон кириш тизими) техник носозлик туфайли содир бўлган. Оқибатда улар кундалик овқатланишга кира олмаган. Бу эса катта норозилик келтириб чиқарган.

Кейинчалик «Enter Engineering» компанияси Меҳнат кодекси талабларини қўпол равишда бузгани айтилиб. Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев «Uzbekistan GTL» заводини қураётган бу компания Меҳнат кодекси 161-моддаси талабларини қўпол равишда бузганлигини ўзининг Telegram каналида ёзиб қолдирган. Қайд этилишича, кодекснинг бу моддасида ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Янгиликлар