Ўзбекистонда 2021 йилдан мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартиби ўзгаради
Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк (бино, иншоот ва ер участкалари) объектларини бозор баҳосига яқин бўлган кадастр қиймати асосида мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кўчмас мулк объектларини бозор баҳосига яқин бўлган кадастр қиймати асосида мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тизимини жорий этиш икки босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган:
- Биринчи босқич (2021−2023 йиллар) — кўчмас мулк бўлган турар жой фонди объекти (квартира, якка тартибдаги уй-жойлар, дала-ҳовли), шунингдек, ушбу объектлар эгаллаган ер участкалари;
- Иккинчи босқич (2022−2024 йиллар) — яшаш учун мўлжалланмаган алоҳида кўчмас мулк объектлари, шунингдек, ушбу объектлар эгаллаган ер участкалари.
Бозор қийматига асосланиб, 2021−2022 йилларда капитал қурилишга мўлжалланган объектлар ва ер участкаларидан фойдаланишга боғлиқ ҳолда кўчмас мулк объектларини кадастр қийматини аниқлаш бўйича синов тартибида республиканинг қуйидаги ҳудудларида «тажриба-синов» асосида ўтказилади:
- турар жой ва нотурар жойга (тижорий) мўлжалланган мол-мулк объектлари — Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани;
- ишлаб чиқаришга мўлжалланган объектлар — Навоий вилояти Навоий шаҳри;
- рекреацион зона ва алоҳида қўриқланадиган ҳудуд объектлари — Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган объектлар — Бухоро вилояти Ромитан тумани.
«Бозор қийматига яқин кадастр қийматига асосланган мол-мулк солиғи ва ер солиғини ҳисоблашга ўтишнинг афзаллиги солиқ тўловчилар ўртасида солиқ юкини адолатли равишда тақсимлашдир», — дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистонда айрим солиқ тўловчилар учун имтиёзлар белгилангани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, солиқ тўловчиларга айрим ҳолларда солиқларни бўнак тўловлари бўйича фоизсиз кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.