Ўзбекистонда айрим солиқ тўловчилар учун имтиёзлар белгиланди
Ўзбекистонда солиқ тўловчиларга айрим ҳолларда солиқларни бўнак тўловлари бўйича фоизсиз кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Бу ҳақда Aдлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, бу Шавкат Мирзиёев томонидан 1 декабрь куни имзоланган «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунига асосан ўзгартирилган Солиқ кодексида белгиланган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда экин майдонларини лазер ёрдамида текислаш ишларига 250 млрд сўм кредит ажратилади
Маълум қилинишича, «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунига киритилган ўзгартишларга кўра:
- қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқни кўпайтириш (етиштириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йил учун белгиланган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилди;
- 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда умумий овқатланиш корхоналари алкогол маҳсулотини чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим тўлашдан озод қилинди.
Aввалроқ Ўзбекистондаги 3 та банкка еврооблигация маблағларидан 1 триллион сўм жойлаштирилиши ҳақда хабар қилинганди.