Ўзбекистонда экин майдонларини лазер ёрдамида текислаш ишларига 250 млрд сўм кредит ажратилади
Шавкат Мирзиёев раислигида 16 сентябрь куни сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кластерлар 3 минг гектардан зиёд экин майдонини лазер ёрдамида текислаш орқали сув сарфини 20–25 фоиз, ўғитни 15 фоиз тежашга, ҳосилдорликни камида 10 фоизга оширишга эришган. Шавкат Мирзиёев бу тажрибани кенг қўллаб, пахта, ғалла ва шоли майдонларини лазер ёрдамида текислаш муҳимлигини таъкидлади. Молия вазирлигига ушбу технологияни жорий қилишга Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан камида 250 миллиард сўм кредит ажратиш топширилди.
Шунингдек, бу йилдан қишлоқ хўжалиги корхоналарига сув солиғи бўйича берилган имтиёзлар бекор қилингани ва сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоизга пасайтирилгани учун Президент ушбу камайтирилган ставкани келгуси йилда ҳам сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда энергия ресурсларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш ишларига қарийб 1,2 миллиард доллар сарфланиши хабар қилинган эди.