Ўзбекистонда энергия ресурсларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш ишларига қарийб 1,2 млрд доллар сарфланади

Шавкат Мирзиёев раислигида 14 сентябрь куни электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилган 7 та туман ва шаҳарда тўловлар ундирилиши 40 фоизга ошган, дебитор қарздорлик эса 20 фоизга қисқарган. Ушбу тизимни мамлакатнинг барча ҳудудларида татбиқ этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган.

Йиғилишда электр энергияси ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини тўлиқ жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, бу мақсадлар учун қарийб 1,2 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда.

«Бу маблағларнинг натижадорлиги ва қайтими фақатгина ҳисоблагичларни ўрнатиш билан ҳал бўлиб қолмайди. Истеъмолчи сарф қилган энергия ресурси ҳажмини билиш билан тизимдаги йўқотишлар ва ўғриликларга чек қўйиб бўлмайди. Бунинг учун ‘энергияни ишлаб чиқарувчи – магистрал тармоқлар — тақсимлаш тармоқлари — истеъмолчи’ жараёнларининг ҳар бир занжирини қамраб олувчи яхлит онлайн тизимни яратиш керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Aндижонда куз-қиш мавсумида электр энериясини етказиш ҳажми 10,5 фоизга оширилиши, Наманган вилояти истеъмолчиларига табиий газ етказиш ҳажми салкам 25 фоизга ҳамда Фарғонада куз-қиш мавсумида электр энергияси ва газ етказиш ҳажми оширилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар