Ўзбекистондаги 3 та банкка еврооблигация маблағларидан 1 трлн сўм жойлаштирилади
Шавкат Мирзиёев раислигида 24 ноябрь, сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистондаги 3 та банкка еврооблигация маблағларидан 1 триллион сўм ресурс сифатида жойлаштирилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, йиғилишда Ўзбекистонда тадбиркорларнинг қарийб 1 триллион сўмлик янги лойиҳалари учун кредитларга талаби борлиги қайд этилган. Молия вазирлигига янги жалб этилган еврооблигация маблағларидан 1 триллион сўмни Халқ банки, Микрокредитбанк ва Агробанкка оилавий тадбиркорлик дастурлари учун ресурс сифатида жойлаштириш вазифаси қўйилган.
Халқ банкига хотин-қизлар тадбиркорлиги учун лойиҳалар тайёрлаб, уларни ўз бизнесини йўлга қўйишни ўргатиш топшириғи берилган. Бунда банк ходимлари аёллар билан мижозбай, маҳаллабай, туманбай бевосита ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев геология соҳасига хорижлик инвесторларни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади
Тадбиркорлик фаолияти учун яратилган имтиёзлар натижасида 10 ойда 78 мингта корхона ташкил этилган. Хусусан, Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги янги кичик саноат зонасида 7 та лойиҳа натижасида 500 та иш ўрни яратилган. Туманда жами 170 та янги корхона очилган.
Қайд этилишича, Ёзёвон, Учтепа, Шофиркон ва Бекобод туманларида фаол тадбиркорларни кўпайтириш бўйича ишлар танқид қилинган. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига бундай жойларда тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича «бизнес-патронаж» тизимини йўлга қўйиш топширилган.
Пандемия даврида вақтинча ишламай турган 96 мингта корхона ўз фаолиятини тиклагани қайд этилиб, қолган бизнес субъектларига ҳам бу борада кўмаклашиш муҳимлиги таъкидланган. Ҳудудларда тадбиркорларни ер масаласи кўп қийнаётгани, бу борада кўплаб мурожаатлар бўлаётгани кўрсатиб ўтилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда МИБдан қарздорлар учун ягона электрон платформа яратилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 150 минг киши яшайдиган йўлдош шаҳарча қурилиши ҳақида хабар берилган.