Ўзбекистонда МИБдан қарздорлар учун ягона электрон платформа яратилади

Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистондаги Мажбурий ижро бюросидан қарздорларга ягона электрон платформа яратилиши маълум бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда МИБ қарздорининг мол-мулки йўқлиги сабабли тўхтатилган ижро ҳужжатлари билан ишлаш масаласи муҳокама қилинган. Қарздорлар тўғрисида ягона электрон платформа яратиб, уларни нотариус, банк, солиқ, давлат хизматлари, божхона, кадастр, ички ишлар ва бошқа идоралар базасига интеграция қилиш зарурлиги таъкидланди.

«Шу пайтгача мажбурий ижро таъминланишидан ҳудудларга манфаат йўқ эди. Эндиликда ундириладиган маблағларнинг бир қисми ‘темир дафтар’, ‘ёшлар дафтари’ ва ‘аёллар дафтари’ бўйича жамғармаларга ўтказиладиган тартиб жорий қилиниши белгиланди.

Давлат ижрочиларининг иш ҳажми масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Кўп жойларда битта ижрочига тўғри келаётган ҳужжатлар сони меъёрлардан зиёд экани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, мулкий ҳуқуқларни рўйхатга олиш, ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш, жарима ва коммунал тўловларни тўлаш каби 8 тоифадаги ҳужжатларни мажбурловсиз ҳам амалга ошириш мумкин. Ҳозирда МИБ зиммасида бундай ижро ҳужжатлари 1,6 миллионта, бу эса жами ишларнинг 35 фоизи. 400 минг сўмгача бўлган маблағларни ундиришга оид ҳужжатлар бўлса, 60 фоизни ташкил этади», — дейди Президент.

Қайд этилишича, йиғилишда суд қарорларини ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш, кам миқдордаги маблағлар билан ахборот технологиялари ёрдамида ишлайдиган махсус бўлимлар ташкил этиш топшириқлари берилди. Давлат ижрочиларини илғор методикалар асосида қайта тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Мусодара қилинган мулкларни сотиш тизимини қайта кўриб чиқиш, «E-ijro auksion»га қўйилган буюмларни бошқа электрон савдо платформаларига ҳам интеграция қилиш зарурлиги қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, фуқаролар шикоятларининг қарийб 64 фоизини алимент масалалари ташкил этмоқда. Бу борадаги ижро ишлари ва тўловларнинг ягона ҳисоби йўлга қўйилмагани кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Шу боис алимент олувчилар ва тўловчиларнинг тўлиқ реестрини шакллантириб, автоматлашган назорат тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 2020 йил 1 августдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ бўйича қарздорликни ундириш ваколати штатлари билан электр ва газ таъминоти корхоналарига ўтказилди. Электр тармоқларининг 3,5 триллион сўм, табиий газ етказиб берувчиларнинг 11 триллион сўм дебитор қарздорлиги борлиги қайд этилиб, уларни қисқартириш бўйича қатъий иш олиб бориш кераклиги айтилди.

Суд ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича Бош прокурор раҳбарлигида Республика кенгаши ва вилоят ҳокимлари бошчилигида ҳудудий кенгашлар тузилиб, уларга вилоят прокурорлари ўринбосар этиб бириктирилиши белгиланган.

Видеоселектор йиғилишида жойларда қишга тайёргарлик ишлари ҳам танқидий кўриб чиқилди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

Аввалроқ Президент Қашқадарёнинг 9 та туманида тўқимачилик комбинатлари ташкил этиш бўйича топшириқ бергани ҳақида айтилганди.

Янгиликлар