Ўзбекистонда ўтган 10 ой давомида МИБга келиб тушган ижро ҳужжатларидан 1,2 миллионтаси бажарилмаган
Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда ўтган 10 ой давомида МИБга келиб тушган ижро ҳужжатларидан 1 миллион 200 мингтаси бажарилмаганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
«Суд қарорлари — қонунийликни таъминлаш, келтирилган зарарни қоплашда ҳуқуқий асос. 2020 йилнинг 10 ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига 4 миллионга яқин ижро ҳужжатлари келиб тушган бўлиб, шундан 1 миллион 200 мингтаси бажарилмаган. Яъни бугунги кун ҳолатига 17 триллион сўмлик ҳужжатлар ижроси таъминланмай турибди. Бунинг 7,2 триллион сўми давлат ундирувига, қолган 9,7 триллион сўми жисмоний ва юридик шахсларга тегишли. Ушбу маблағларнинг ундирилиши тадбиркорларнинг молиявий аҳволини яхшилаш, кам таъминланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, кўплаб ижтимоий масалаларни ҳал этишда муҳим омил бўлади», — дейди Президент.
Йиғилишда суд ҳужжатларини ижро этиш ҳолати туман ва шаҳарлар мисолида кўриб чиқилган. Шунингдек, қарздорликларни қисқартириш бўйича мамлакат даражасида алоҳида, вилоят ва туманлар миқёсида алоҳида тизимда иш олиб борилиши белгиланган.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев геология соҳасига хорижлик инвесторларни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади
Хусусан, Мажбурий ижро бюроси 20 миллиард сўмдан юқори қарзларни ундириш билан шуғулланади. Бюронинг вилоят бошқармалари 10 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмгача бўлган қарзлар ундируви билан ишлайди.
Таъкидланишича, МИБнинг туман ва шаҳар бўлими бошлиқлари ҳокимлар ва сектор раҳбарлари билан бирга оғир аҳволга тушиб қолган қарздорларнинг манзилли рўйхатларини тузиб, уларга кўмаклашади. Бунинг учун ундирувчи илтимосига кўра ижро иши юритишни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколати судлардан давлат ижрочисига ўтказилади.
Шунингдек, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсменга давлат даромадига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича тадбиркорлик субъектларининг қарзлари юзасидан ижрони кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисида мурожаат этиш ҳуқуқи берилади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ қарорлар ижросидан хавотирда эканлиги ҳақида хабар берилганди.