Шавкат Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ қарорлар ижросидан хавотирда эканини айтди
Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь, сешанба куни суд қарорлари ижросини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида коронавирус билан боғлиқ қарорлар ижросида ҳокимларнинг иш ташкил этиши хавотирга солаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
«Мени мазкур фармон ва қарорларнинг жойлардаги ижроси, бу борада ҳокимлар қандай иш ташкил этаётгани ташвишга соляпти. Бугун ҳокимлар замонавий фикрлайдиган ва фидойи, жонкуяр халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларини ўз ёнига олиб иш кўрмас экан, амалий натижага эриша олмайди», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шундан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари мазкур йўналишлардаги ислоҳотларни амалга оширишда қуйи бўғин раҳбарларига шахсий намуна кўрсатиб, ҳафтада икки марта мактаблар ва тиббиёт муассасалари бўйича берилган топшириқлар ижроси билан шуғулланиши кераклиги қайд этиб ўтилган.
Мавзуга доир: Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларига ишга кирган шифокорларга 30 млн сўм пул ва хизмат уйи берилади
Шу муносабат билан мутасаддиларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганиб, уларни оптимизация қилиш топшириғи берилди. Шунингдек, ҳокимлар, секторлар раҳбарлари ва соғлиқни сақлаш тизими мутасаддиларига қатор вазифалар юклатилди.
«Аввало, коронавирус билан боғлиқ вазият доимий равишда жиддий таҳлил қилиниши, керакли хулосалар чиқарилиши лозим. Хусусан, ҳафтада камида икки кун ҳудуддаги пандемияга оид ҳолат билан алоҳида шуғулланиб, штаб йиғилиши ўтказилиши, мунтазам равишда Республика махсус комиссиясига шахсан ҳисобот берилиши белгиланди.
Яна бир марта таъкидлайман, бу касаллик бефарқликни асло кечирмайди. Шу билан бирга, биз коронавирус пайтида тўплаган катта тажрибамиз ва олган чуқур хулосаларимиз асосида муносиб яшаш ва ишлашда давом этишимиз керак», — дейди Президент.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев геология соҳасини модернизация қилиш, инвестициялар жалб этиш ҳамда геология-қидирув ишларини кенгайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.