Ўзбекистонда жарималари 60 кундан ортиқ вақт давомида тўланмаган автомобиллар жарима майдончасига юборилади

Автомобиль ҳақидаги маълумотлар инспекторларнинг планшетларида пайдо бўлади ва агар ҳайдовчи жаримани жойида тўламаса, автомобиль баённома расмийлаштирилмасдан жарима майдончасига жойлаштирилади

Ўзбекистон ички ишлар вазири йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маъмурий ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартиби ҳақидаги йўриқномани тасдиқлади, деб хабар беради Norma.uz.

Таъкидланишича, йўриқнома ЙҲҚ бузилишларига нисбатан қўлланилади ва ЙҲҚ бузилгани тўғрисидаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби ҳақидаги 2011 йилдан бери амал қилиб келган йўриқноманинг ўрнини эгаллайди.

Буйруққа кўра, баённома инспектор томонидан жойида планшет орқали «Маъмурий амалиёт» модулида расмийлаштирилади. Қоидабузарнинг шахси биометрия бўйича аниқланади, баённома эса электрон имзо ёки бармоқ изи билан тасдиқланади.

Қоғоз шаклидаги баённома фақат алоҳида ҳолларда, масалан, қоидабузар айбини инкор этганда ёки ҳудудда алоқа бўлмаганда тузилади. Жаримани жойида олиш ман этилади.

Иш 15 кун ичида кўриб чиқилади, кўриб чиқиш жойи ва вақти ҳақидаги хабарнома Ягона интерактив давлат хизматлари портали шахсий кабинетга ёки мобил иловага юборилади. Қарор устидан 10 кун ичида юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин, — дейилади хабарда.

Жаримани 60 кун ичида тўлаш керак. Агар у тўланмаса, автомобиль ҳақидаги маълумотлар инспекторларнинг планшетларида пайдо бўлади ва агар ҳайдовчи жаримани жойида тўламаса, автомобиль баённома расмийлаштирилмасдан жарима майдончасига жойлаштирилади.

Камералар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун автомобиль эгаси жавоб беради, такрорийлик эса ҳисобга олинмайди. Агар камерадан олинган маълумотлар марказга 48 соатдан кеч келиб тушса, иш тугатилади.

Алоҳида қоидабузарликлар учун иккитагача жарима бали ҳисобланади ва улар бир йилдан сўнг олиб ташланади. Агар бир йил ичида 12 дан ортиқ бал тўпланса, иш қўшимча жазо чорасини қўллаш учун автоматик равишда судга юборилади.

Ҳужжат 2027 йил 7 январдан кучга киради.

Ўзбекистон