Рақобат қўмитаси реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузган 12 нафар блогерни жавобгарликка тортди
Шунингдек, республикада кенг жамоатчиликка танилган қўшиқчилар, актёр ва актрисалар ҳамда спортчиларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги рекламага оид чиқишлари ҳам мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда

Рақобат қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган рекламаларнинг Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқлиги устидан мониторинг ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, қўмита томонидан ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган 110 нафар блогер рўйхати шакллантирилиб, уларнинг саҳифаларида жойлаштирилаётган реклама материаллари кунлик тартибда мониторинг қилиб борилмоқда.
Мониторинг натижаларига кўра, 12 нафар блогер томонидан реклама қонунчилиги талабларига зид бўлган реклама ахборотлари жойлаштирилгани аниқланди. Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди, — дейилади хабарда.
Шунингдек, республикада кенг жамоатчиликка танилган қўшиқчилар, актёр ва актрисалар ҳамда спортчиларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги рекламага оид чиқишлари ҳам мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
Қўмита томонидан, рекламада ҳаққонийлик ва ишончлиликни таъминлаш, истеъмолчиларни чалғитувчи ёки уларда товар ва хизматлар ҳақида нотўғри тасаввур уйғотувчи ахборотларни тарқатмаслик ҳақида эслатилди.
Реклама қонунчилиги бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилиши таъкидланди.





