ДХХ раиси: Террорчилик ва экстремистик ташкилотлар тарафдорларни ёллаш ҳамда терактларни молиялаштиришда рақамли технологиялардан фойдаланмоқда

2026 йилда экстремистик ва террорчилик хусусиятига эга 49 мингдан зиёд интернет-ресурс аниқланган

Жорий йилнинг 6-ноябрь куни Самарқандда Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлик мулоқоти бўлиб ўтмоқда.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Раиси генерал-полковник Баҳодир Курбанов кириш сўзи билан очиб бериб, иштирокчилар эътиборини террорчилик ва экстремистик ташкилотлар ўз мафкурасини тарқатиш, тарафдорларни ёллаш, терактларни молиялаштириш, уларга тайёргарлик кўриш ҳамда амалга оширишда рақамли технологиялардан фаол фойдаланаётганига қаратди.

Биргина 2026 йилда экстремистик ва террорчилик хусусиятига эга 49 мингдан зиёд интернет-ресурс аниқланган бўлиб, бу 2025 йилги кўрсаткичга (43 мингга яқин) нисбатан 14% кўпдир. Бундай тенденция радикал ғояларни тарғиб қилишда глобал тармоқдан фойдаланиш кўлами ортиб бораётганини яққол кўрсатади, — деди Курбанов.

ДХХ раҳбари 2021–2026 йилларга мўлжалланган Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича миллий стратегияни амалга ошириш доирасида идоралараро ва халқаро ҳамкорлик механизмлари такомиллаштирилганини таъкидлади.

Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган ишларнинг натижалари халқаро рейтингларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, 2026 йилги Глобал терроризм индексида Ўзбекистон 96-ўринни эгаллагани (минимал хавф тоифаси) ушбу иллатга қарши курашишда миллий ёндашувнинг самарадорлигини намоён этди.

ДХХ раҳбари ўз нутқида рақамли трансформация даврида хавфсизликни таъминлаш бўйича устувор йўналишларига тўхталди. Улар қаторидан рақамли муҳитда террорчилар фаолиятининг янги шакл ва усулларини аниқлаш, шунингдек, сунъий интеллектдан террорчилик мақсадларида фойдаланишнинг олдини олиш ўрин олган.

Маъруза якунида ушбу Мулоқотни ўтказиш ғоят долзарб ва зарур экани қайд этилди. Тадбир доирасида иштирокчилар хавфсизликка жорий таҳдид ва хавф-хатарлар муҳокама қилади ҳамда халқаро ва минтақавий даражада ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ягона чора-тадбирларни ишлаб чиқади.

Ўзбекистон