Ўзбекистонда 132 та қурилиш ташкилоти шартномаларида ҳуқуқбузарликлар аниқланди
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 14,5 млрд сўмлик маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди

Рақобат қўмитасига 2026 йилнинг ўтган 9 ойи давомида қурилиш ишларининг сифати ва объектларнинг ўз вақтида топширилмаётганлиги юзасидан истеъмолчилардан 1 700дан ортиқ шикоятлар келиб тушган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 14,5 млрд сўмлик маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Мазкур мурожаатлар асосида қуйидаги ҳудудларнинг турар жой қурилишида улушли иштирок этиш бўйича 132 та қурувчи ташкилотнинг шартномалари таҳлил қилинди:
• Тошкент шаҳар — 17 та;
• Наманган вилояти — 15 та;
• Навоий вилояти — 15 та;
• Тошкент вилояти — 15 та;
• Бухоро вилояти — 13 та;
• Сурхондарё вилояти — 13 та;
• Фарғона вилояти — 10 та;
• Хоразм вилояти — 10 та;
• Андижон вилояти — 9 та;
• Сирдарё вилояти — 8 та;
• Жиззах вилояти — 4 та; ️
• Қашқадарё вилояти — 3 та.
Шартномалар таҳлилларида қуйидаги камчиликлар аниқланди:
• 77,3% шартномада шартнома бекор қилинганда тўланган маблағни қайтариш муддати белгиланмаган ёки у дастлабки тўлов муддатига мувофиқ эмас;
• 63,6% шартномада хонадон қабул қилиб олингандан кейинги кафолат муддати белгиланмаган;
• 59,1% шартнома фақат қурувчининг манфаатларини кўзлаб тузилган;
• 54,5% шартномада кафолат муддати давомида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш мажбурияти назарда тутилмаган;
• 50,8% шартномада қурилишни якунлаш муддати кечиктирилгани учун қурувчи тўлайдиган неустойка (пеня) белгиланмаган;
• 33,3% шартномада қурилиш объектини топширишнинг аниқ муддати кўрсатилмаган;
• 30,3% шартнома давлат тилида эмас, рус тилида тузилган;
• 49,2% шартномада истеъмолчилар ҳуқуқларини камситувчи бошқа шартлар мавжуд.
Шунингдек, таҳлиллар давомида шартномаларда истеъмолчи ташаббуси билан шартнома бекор қилинганда тўланган маблағнинг 4–15% ушлаб қолиш, пулни хонадон қайта сотилгандан кейингина қайтариш, нархни бир томонлама ошириш ва харидорга нисбатан юқори пеня белгилаш каби истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи шартлар аниқланган.
Қўмита томонидан ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли Инстанцияларга таклифлар киритилди.





