Тошкентда буюртма асосида одам ўғирлашга уринганлар ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми «б, в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган

Тошкент шаҳрида одам ўғирлашда гумонланган икки шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

ИИВ Тезкор-қидирув департаментига мурожаат қилган фуқаро номаълум шахслар уни мажбуран машинага солиб, олиб қочишга уринганини маълум қилган.

Бироқ фуқаро фаол қаршилик кўрсатиб, қочиб қутулишга эришган. Тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятга алоқадор икки нафар гумонланувчи қўлга олинган.

Ушбу шахслар Тошкент шаҳрида 1998 ва 2003 йилларда туғилган бўлиб, муқаддам ўғрилик учун судланган. Текширув давомида уларнинг автомашинаси юкхонасидан ўткир тиғли болта топилиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Олиб борилган суриштирув давомида ушланган шахслар айбига тўлиқ иқрор бўлган. Гумонланувчиларнинг мобил телефонлари текширилганда, Telegram мессенжери орқали уларни ёллаб олган буюртмачи билан ёзишмалари аниқланган. Хабарга кўра, бошқа бир шахс жабрланувчини ҳар қандай йўл билан олиб келишни топширган.

Бундан ташқари, улар яна бир фуқарони бўйнига электрошокер уриб, ҳушсиз ҳолда олиб келишни режалаштиргани аниқланган. Гумонланувчилар иккинчи фуқарони ишхонаси олдида 4 соат кутишган, аммо у хизмат сафарида бўлгани учун режани кейинга суришган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми «б, в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон