Ўзбекистонда 5 млн тонналик рекорд даражадаги пахта ҳосили йиғиб олинди

Бу йил фермерлар пахтадан 13-14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда

2026 йилда Ўзбекистонда илк бор 5 миллион тоннадан ортиқ пахта хомашёси етиштирилди ва йиғиб олинди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг деҳқонлар, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида айтилади.

Давлат раҳбари иқлим ўзгаришининг салбий таъсири кучайганига ва экин майдонлари қисқарганига қарамай, замонавий агротехнологияларни жорий этиш эвазига рекорд даражадаги ҳосилга эришилганини таъкидлади.

Сиз, азизларни Янги Ўзбекистон тарихида илк бор 5 миллион тоннадан зиёд юксак пахта хирмони бунёд этиб, рекорд натижага эришганингиз билан самимий муборакбод этаман. Албатта, сизларнинг фидокорона меҳнатингиз, жасорат ва матонатингиз билан қўлга киритилган бу тарихий ғалаба бутун халқимизнинг ғалабаси. Бу – пахтачилик соҳасидаги Янги Ўзбекистон мўъжизасидир, — дейилади хабарда.

Президент, собиқ совет даврида, хусусан, 1980 йилларда республикада пахта етиштириш учун қарийб 2 миллион гектар ер ажратилганини, ўртача ҳосилдорлик эса 30 центнердан ошмаганлигини таъкидлади.

Мустақилликнинг дастлабки даврида эса, хусусан, 2000 йилга келиб 1,4 миллион гектар ерга чигит экилиб, Ўзбекистон бўйича жами 3 миллион тонна пахта териб олинган.

Ўтган даврда пахтачиликда ҳосилдорлик 2,7 карра ошиб, 21 центнердан 56 центнерга етгани шу борада қандай катта юксалиш йўлини босиб ўтганимизни кўрсатиб турибди.

Хусусан, кейинги йилларда тармоқни ўта оғир аҳволдан олиб чиқиш учун аввало чигит экиладиган майдонларни 38%га қисқартириб, пахта монополиясига барҳам берилди. Ўқитувчи, талаба ва ўқувчиларни, бюджет ташкилотлари ходимларини дала ишларига жалб этишга чек қўйдик. Соҳани илм-фан ютуқлари, замонавий агротехнологиялар асосида ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилди.

Бу йил етиштирилган ҳосилнинг 85% 3 мингдан ортиқ пахта териш машиналари ёрдамида 30-35 кунда териб олингани, механизациялаштириш даражаси Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 100 фоизга етказилган.

Шу ўринда яна бир муҳим рақамга эътиборингизни қаратмоқчиман: бу йил фермерларимиз пахтадан 13-14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда. Шу асосда улар йил бўйи қилган машаққатли меҳнати эвазига муносиб даромад топиши, одамларимизнинг ҳаёти янада обод ва фаровон бўлиши табиийдир, — деди президент.

Ўзбекистон