Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб кирилган 800 млн сўмдан ортиқ пиротехника буюмлари аниқланди
10 номдаги жами 301 минг 462 дона пиротехника буюмлари ҳамда 700 дона дори воситаси топилган

Наманган вилоятида чет давлатдан олиб кирилган катта миқдордаги пиротехника буюмлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Жумладан, Қирғиз республикасидан мамлакат ҳудудига кириб келган Kamaz ва унга уланган Samro русумли ярим тиркама транспорт воситаси «Учқўрғон» чегара-божхона постида тўхтатилиб, текширилади.
Натижада, ярим тиркаманинг пол қисми остига хуфиёна тарзида яширилган, хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган 10 номдаги жами 301 минг 462 дона пиротехника буюмлари ҳамда 700 дона «Стекловидное тело» номли тиббиёт дори воситаси борлиги аниқланади.
Тегишли баҳолаш ҳисоботига кўра, пиротехника буюмларининг умумий қиймати 817 млн 716 минг сўмни ва тиббиёт дори воситалари қиймати эса 2 млн 128 минг сўмни ташкил этади.
Ҳозирда ушбу транспорт воситаси бошқарувчиси – Фарғона вилояти Қувасой туманида яшовчи, 1980 й.т. шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 250-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





