Ўзбекистонда наркология даволаш тизими ислоҳ қилинади
Касалликнинг олдини олиш, даволаш ва реабилитацияни қамраб олган, турли соҳа мутахассислари бир жамоа бўлиб ишлайдиган тизим яратилади

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қашқадарё вилоятидаги вилоят наркология муассасасига ташриф буюриб, беморларни даволаш шароитлари билан танишди.
Саида Мирзиёева соҳадаги аҳволни борича кўриш, ўзгаришларни энг мураккаб жойдан бошлаш кераклигини таъкидлади.
Муносиб шароит ва малакали ёрдам билан бирга самимий эътибор ҳам беморга куч беради. Баъзан бир оғиз далда кишида ишонч ва умид уйғотади. Ҳеч ким ёрдам сўрашдан чўчимаслиги, дарди билан ёлғиз қолмаслиги керак, — деди Мирзиёева.

Жумладан, касалликнинг олдини олиш, даволаш ва реабилитацияни қамраб олган, турли соҳа мутахассислари бир жамоа бўлиб ишлайдиган тизим яратиш режалаштирилмоқда.
Маҳаллий ва халқаро экспертлар билан биргаликда соҳани тубдан янгилашга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилади. Бунда инсон, унинг қадри ва соғлом ҳаётга қайтишига кўмаклашиш эътибор марказида туради.





