Шавкат Мирзиёев Бухородаги янги аэропортнинг ишга туширилиш муддатларини белгилаб берди
Аэропортни шаҳар маркази билан боғлаш учун 24 километрли автомобил йўли барпо этилади

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.
Давлат раҳбари, Бухорода халқаро стандартларга мувофиқ, 300 миллион долларлик янги аэропорт қурилаётганини таъкидлади. У бир вақтнинг ўзида 20 та самолёт ва 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади.
Аэропортни шаҳар маркази билан боғлаш учун 24 километрли автомобил йўли барпо этилади. Шунингдек, автобуслар учун 5,5 километрли BRT йўлагини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Президент аэропорт ва унга олиб борадиган йўлни Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш вазифасини қўйди. Янги инфратузилма Бухорога келувчилар учун қулайлик яратиши ва ҳудуднинг транспорт имкониятларини кенгайтириши таъкидланди.
Туркиянинг «Пегасус» авиакомпанияси Бухорога тўғридан-тўғри қатновларни йўлга қўймоқда. Келаси йил Малайзия, Индонезия, Кувайт, Миср ва Баҳрайн билан ҳам авиақатновларни бошлаш топширилди.





