Самарқанд ва Бухоро ўртасида пуллик автомобил йўли қуриш режалаштирилмоқда

Бу йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Бухоро иқтисодиётига, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кирадиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар билан келганмиз, – деди давлат раҳбари.

Вилоятнинг транспорт алоқаларини яхшилаш бўйича ҳам йирик режалар белгиланган. Жорий йилда Бухородан ўтувчи А-380 автомобил йўлини реконструкция қилиш якунланади.

Келаси йил М-37 йўлининг вилоят ҳудудидаги 69 километрини янгилаш ишлари бошланади. Қиймати 200 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрли айланма йўл ҳам қурилади.

Самарқанд – Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали замонавий пулли автомобил йўлини қуриш режалаштирилган. Бу йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда. Шу йўналишда тезюрар поезд учун янги темир йўл линияси ҳам кўзда тутилган.

Президент мутасаддиларга автомобил ва темир йўл лойиҳаларининг мастер-режаларини якунлаш, ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш бўйича топшириқ берди.

Ўзбекистон