Техноген авариялар оқибатида ҳалок бўлганларнинг оилаларига 220 млн сўмгача тўловлар тўланади
Ушбу мақсадлар учун Етказилган зарарни қоплаш жамғармаси ташкил этилади

Ўзбекистон Ҳукумати техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар натижасида аҳолига етказилган зарарни баҳолаш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади.
Ушбу мақсадлар учун Етказилган зарарни қоплаш жамғармаси ташкил этилади. Комиссия компенсация миқдорини ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари билан келишилган ҳолда белгилайди.
Бир марталик моддий ёрдам қуйидаги тартибда тўланади:
• фавқулодда вазият оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига — ҳар бир оилага БҲМнинг 500 бараваригача (220 млн сўм) миқдорида бўлиб, сумма оила аъзолари ўртасида тенг улушларда тақсимланади;
• оғир тан жароҳати олган фуқароларга — БҲМнинг 200 бараваригача (88 млн сўм);
• ўртача оғирликдаги тан жароҳати олган фуқароларга — БҲМнинг 150 бараваригача (66 млн сўм);
• енгил тан жароҳати олган фуқароларга — БҲМнинг 100 бараваригача (44 млн сўм).
Тўловлар фавқулодда вазият келиб чиқишида айбдор бўлган юридик шахслар ёки уларнинг мансабдор шахслари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.





