Президент Қашқадарёнинг 9 та туманида тўқимачилик комбинатлари ташкил этиш бўйича топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёнинг тўққизта туманида тўқимачилик комбинатлари ташкил этиш, уларда Шаҳрисабзда жойлашган корхонадаги технологиялардан фойдаланиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шаҳрисабзда жойлашган корхонанинг анъанавий ип-йигирув корхоналаридан фарқи – бу ерда Япониянинг компаниясида ишлаб чиқарилган «Vortex» технологик ускуналари ўрнатилган. Ушбу технологиянинг афзаллиги калава ип тўқилаётганда тола марказлашган аэродинамик ҳаво босими орқали ўтказилади. Натижада ипнинг тукдорлиги камаяди, сифати ортади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Қашқадарё вилоятининг пахта етиштириладиган тўққизта туманида мазкур корхона намунасидаги  тўқимачилик комбинатлари ташкил этиш, уларни барпо этишда арзон конструкцияли технологиялардан фойдаланиш бўйича топшириқ берган. Шунингдек, қурилиш қанча қиммат бўлса, лойиҳа ўзини оқлаши шунча қийин бўлишини таъкидланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мутасаддиларга Қашқадарё вилоятида тўқимачилик саноатини ривожлантириш, бунда хом ашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тизим яратиш, кластерлар фаолиятини таҳлил этиб бориш юзасидан вазифалар берилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифини Шаҳрисабз шаҳридан бошлагани, тумандаги қиймати 54 миллион долларлик ип йигирув корхонасига боргани ҳақида хабар берилган.