Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифини Шаҳрисабз шаҳридан бошлади (фото)

Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Қашқадарё вилоятига ташрифини Шаҳрисабз шаҳридан бошлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, давлат раҳбари вилоятга сафарини Шаҳрисабз шаҳридаги синтетик аралашмали ип ва мато ишлаб чиқариш жараёни билан танишишдан бошлаган. Корхонада умумий қиймати 54 миллион доллар бўлган 3 та лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш, 1610 та иш ўрни яратиш, йилига 22 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш белгиланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Биринчи босқичда 2014 йил «Миллийбанк инвест» компаниясидан корхонанинг 21 миллион долларлик 100 фоиз улуши сотиб олинган. Натижада йилига 9 минг тонна ип-калава, 4 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ушбу корхонада 2019 йилда 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилилган. 2020 йилда эса бу кўрсаткич 8 миллион долларни ташкил этган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Иккинчи босқичда 2020 йилнинг октябрь ойида яна бир корхона ташкил этилиб, сунъий ва табиий толадан калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилган. Лойиҳа қиймати – 15 миллион доллар, йилига 3 минг тонна калава ип, 5,5 минг тонна сунъий толали ип, 3,5 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Экспорт ҳажми йилига 7 миллион долларни ташкил этади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учинчи босқичда ушбу корхоналар ёнида яна битта тўқимачилик фабрикаси барпо этилиб, калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган. 2021 йил ишга тушадиган лойиҳа натижасида 700 та янги иш ўрни яратилади. Президент корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирган.

Аввалроқ Наманганда умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ булган 93 та лойиҳа амалга оширилиши хабар қилинди. Шунингдек, Наманган ва Андижонда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатига ихтисослаштирилган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши маълум қилинган.

Янгиликлар