Ўзини ўзи банд қилган такси ҳайдовчилари учун солиқларни агрегаторлар тўлайди
Давлат солиқ қўмитаси 2 июлдан бошлаб йиллик даромади 100 млн сўмдан ошган ўзини ўзи банд қилган такси ҳайдовчилари ва курьерлар учун солиқларни онлайн такси агрегаторлари автоматик тарзда ушлаб қолишини маълум қилди.
Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг апрель ойида қабул қилган қарори асосида жорий этилган.
Қўмитанинг таъкидлашича, бу янги механизм ҳайдовчи ва курьерларни солиқларни ҳисоблаш, тўлаш ҳамда ҳисобот топшириш каби ортиқча бюрократик жараёнлардан халос этади.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 776,7 минг нафар ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс йўловчи ташиш ва буюртма асосида юк етказиб бериш фаолиятида рўйхатдан ўтган.
2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, 208 та юридик шахс — онлайн такси агрегаторлари солиқ органлари ахборот тизимларига тўлиқ интеграциялашган. Улар орқали 430 мингдан ортиқ ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи хизмат кўрсатмоқда ва 89,6 млрд сўм солиқ тўланган.
ДСҚ маълумотига кўра, 2025 йилда ҳозиргача 189 нафар ўзини ўзи банд қилган шахснинг йиллик даромади 100 млрд сўмдан ошган. Энди бундай ҳолатларда, солиқ органларининг хабарномаси асосида, уларнинг солиғи тўлов манбаида агрегаторлар томонидан ушлаб қолинади.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги солиқ қонунчилигига кўра, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг йиллик даромади 100 млн сўмдан ошса, улар 4% лик ставкада айланмадан солиқ тўлаши ва ҳисобот тақдим этиши шарт.