Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосарига ҳукм ўқилди
Мубин Мирзаев Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбдор деб топилди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ва яна саккиз кишига оид иш бўйича ҳукм чиқарди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати.
Суднинг ҳукми билан М.Мирзаев Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг «а» банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик), 205-моддаси 2-қисмининг «а» банди (мансаб ваколатини жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда суиистеъмол қилиш) ва 208-моддасида (ҳокимият ҳаракатсизлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Бошқа судланувчилар (улар орасида муқаддам бир неча марта судланганлар ҳам бор) Жиноят кодексининг 141-2-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 184-моддаси (солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва бошқа моддаларнинг тегишли қисми ва бандлари билан айбдор деб топилиб, улар 5 йилдан 9 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди.
Шунингдек, суд ҳукми билан етказилган зарарлар ундирилиши ҳам белгиланди. Тайинланган жазолар судланувчиларга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган кундан бошлаб ҳисобланади.





