Сурхондарёда қиз болани зўрлаган собиқ вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекторга ҳукм ўқилди
Эркак Жиноят кодексининг иккита моддаси бўйича айбдор деб топилди

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Денов тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ вояга етмаганлар масалалари бўйича собиқ инспектор-психологи қиз болани зўрлаганликда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Шундан сўнг, инспектор А.Р. га нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми, 129-моддаси 3-қисми ва 206-моддаси 1-қисми билан олиб борилган жиноят иши тергови натижасига кўра, айблов хулосаси билан тамомланиб, кўриб чиқиш учун тегишли судловга юборилган.
Натижада, жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг 2026 йил 22 июлдаги ҳукми билан А. Раҳматовга Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 15 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Ҳозирда суд ҳукмига нисбатан шикоят ёки протест келтирилмагани билдирилди.





