Саида Мирзиёева Тошкентдаги бир нечта ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш лойиҳаларини кўздан кечирди

Пойтахтга яшил шаҳар мақомини қайтариш, шунингдек, шаҳарда сайр қилиш ва фаол ҳордиқ чиқариш учун майдонлар яратиш топширилди

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳрининг бир қатор ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Тошкент жадал ривожланмоқда, аммо, айни пайтда, шаҳримизда яшил ҳудудлар ниҳоятда кам. Янги истироҳат боғлари барпо этиш ва атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш — пойтахт келажаги учун энг зарур устувор йўналишлардан. Айнан шу сабабдан шаҳардаги қатор муҳим объектларни бориб кўрдим. Ҳар бир масканнинг ўз ўрни, хусусияти бор. Мақсадимиз битта — уларни халққа хизмат қиладиган қулай манзилга айлантириш, — деди Мирзиева.

Хусусан, Афросиёб кўчасидаги боғни кўздан кечирилди. Бу ерда барча эмин-эркин дам олиши учун зарур шароитни яратиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Сайилгоҳ кўчаси, Амир Темур шоҳкўчаси ва унга туташ ҳудудларни янгилаш, Бобур номидаги Экопарк ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги боғ майдонларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилинди.

Асосий вазифамиз — пойтахтимизга «яшил шаҳар» мақомини қайтариш, одамлар мазмунли ҳордиқ чиқариши ва сайр қилиши учун имкон қадар кўпроқ очиқ майдонлар яратишдир. Қулай ва хавфсиз муҳитни ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ишларини изчил давом эттириш ҳамда мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш лозим, — деб таъкидлади Мирзиёева.

Шаҳар аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш йўлида бу масалаларни ҳал этишга зудлик билан киришиш топширилди.

Ўзбекистон