Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳарорат 42 даражагача кўтарилади
Ўзгидромет 24–26 июль кунларига кутилаётган об-ҳавони эълон қилди

Дам олиш кунлари Ўзбекистонда асосан кам булутли ва ёғингарчиликсиз об-ҳаво кутилмоқда, фақат айрим тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар бермоқда.
Бугун ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарила бошлайди ва якшанба куни 36-39 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 40-42 даражагача етади.
Республиканинг шимолида ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда чанг тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
24 июль куни Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкентда: ҳаво кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Бугун кундузги ҳаво ҳарорати 34-36 даража, эртага кечаси 21-23 даража, кундузи 35-37 даража, якшанба куни кечаси 22-24 даража, кундузи 36-38 даража бўлади. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади.





