Путин, Тоқаев ва Раҳмон Мирзиёевни таваллуд куни билан табриклади
Россия, Қозоғистон ва Тожикистон етакчилари мамлакат раҳбарига соғлик-омонлик, бахт-саодат ҳамда янги зафарлар тилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тожикистон етакчиси Ўзбекистон етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, дўст Ўзбекистон халқининг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш йўлида битмас-туганмас куч-ғайрат ва янги зафарлар тилади.
Эмомали Раҳмон Ўзбекистон президентининг саъй-ҳаракатлари туфайли бугун мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан дадил илгарилаб, халқаро майдондаги нуфузини изчил мустаҳкамлаб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Қозоғистон президенти давлат раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва қардош Ўзбекистон халқи фаровонлиги йўлидаги давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.
Мулоқот давомида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Россия Президенти Владимир Путин ҳам давлат раҳбарини қутлади.
Ҳурматли Шавкат Миромонович, туғилган кунингиз муносабати билан чин қалбдан йўлланган табрикларимни қабул қилинг. Давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятингиз Ўзбекистоннинг муваффақиятли ижтимоий-эътиборга лойиқ ривожланиши, унинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ортиб бориши билан ажралиб туради. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлашга қўшган кўп йиллик шахсий ҳиссангни юқори баҳоламай бўлмайди. Бизнинг самимий, дўстона муносабатларимизни юксак қадрлайман. Ва албатта, икки томонлама, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича конструктив мулоқот ва яқин ҳамкорликни давом эттиришдан мамнун бўламан. Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт, фаровонлик ва дўст Ўзбекистон халқи фаровонлиги йўлида янги зафарлар тилайман, — дейилади табрикда.





