Тошкентда туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ходимларнинг аномал иссиқда ишлагани учун жаримага тортилди
Текширув давомида ходимлар учун қонунчиликда белгиланган хавфсиз ва қулай меҳнат шароитлари яратилмагани аниқланди

Тошкентнинг Яккасарой тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи аномал иссиқда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этмагани ҳамда ходимларга зарур шароитларни яратиб бермагани учун жавобгарликка тортилди, деб хабар беради Давлат меҳнат инспекцияси матбуот хизмати.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеохабар юзасидан ўтказилган ўрганишда Яккасарой тумани ободонлаштириш бошқармасида меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилгани аниқланади.
Натижада, ўрганиш жараёнида ободонлаштириш ишларига жалб этилган ходимларга белгиланган тартибда қулай меҳнат шароитлари яратиб берилмаган бўлади.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан Ободонлаштириш бошқарма бошлиғига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддаси 1-қисми асосида маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди.





