Тошкентда Кичик ҳалқа йўлида ҳаракат 40 кунга чекланади
Мутахассислар магистраль иссиқлик тармоғини алмаштириш ишларини олиб боришади

Тошкентнинг Яккасарой туманида Кичик ҳалқа йўлининг бир қисмида транспорт ҳаракати вақтинча чекланади, хабар беради туман ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Veolia Energy Ташкент томонидан 25-июль куни соат 00:00да Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчасида жойлашган диаметри 530 мм, умумий узунлиги 1 540 метр бўлган магистрал иссиқлик қувурини янгилаш ишлари олиб борилади.
Мазкур қурилиш-монтаж ишларини хавфсиз ва сифатли амалга ошириш мақсадида 40 кун давомида йўлнинг икки ҳаракатланиш йўлагида автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади.
Шу муносабат билан ҳайдовчилардан ҳаракат йўналишларини олдиндан режалаштиришлари, муқобил йўналишлардан фойдаланишлари ҳамда вақтинчалик ноқулайликларни тўғри тушунишларини сўраймиз.
Амалга оширилаётган ушбу ишлар пойтахтимиз аҳолисининг барқарор ва сифатли иссиқлик таъминотини таъминлашга хизмат қилади.





