Хоразмда шоколад пакетлари ичига яширилган «гашиш» моддаси фош бўлди
Гиёҳвандлик воситаси Россия Федерациясидан такси орқали юборилган бўлган

Хоразм вилоятининг Урганч туманида гиёҳвандлик воситасининг айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Хусусан, ўтказилган тезкор тадбирда 2000 й.т., муқаддам судланган шахс Россия Федерациясидан такси орқали юборилган жўнатмани қабул қилиб олган вақтида тўхтатилиб текширилади.
Натижада мазкур жўнатма ичида 10 дона шоколад пакетларига қадоқланган жами 967 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланади.
Бундан ташқари, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида яшовчи 1988 й.т. шахс ўзига тегишли ер майдонида 423 туп каннабис ўсимлигини келгусида сотиш мақсадида етиштириб келаётганлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштирилди.
Ҳозирда иккала фуқарога нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





