Ўзбекистонда ўрмон фонди ерларига алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудуд мақоми берилади

Мазкур ерларни бошқа тоифага ўтказиш истисно тариқасида фақат Президент қарори билан амалга оширилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 22 июлдаги мажлисда Ер кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилишди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, қонун лойиҳаси билан Ер кодексига ўрмон фонди ерларининг алоҳида муҳофаза этилишини таъминлашга қаратилган муҳим нормалар киритилмоқда.

Яъни, лойиҳа билан ўрмон фонди ерлари алоҳида муҳофаза этилиши белгиланиб, ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида амалга оширилиши мустаҳкамланмоқда.

Амалда ўрмон фонди ерларини ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширилар эди.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ўрмон фонди ерларини алоҳида муҳофаза қилиш, уларни кўпайтириш ҳамда экологик тизимлар  барқарорлигини таъминлаш хизмат қилади.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Ўзбекистон